ТАДБИРКОР ЮКЛАР УЧУН ЖОЙИГА КЕЛМАСДАН ТУРИБ ШАРТНОМА ТУЗМОҚДА
2024-06-05 14:17
Чиндан ҳам, ҳозирги кунга келиб, темир йўллар нафақат мамлакатимиз ҳудудларини, балки минтақалар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамловчи муҳим воситага айланиб улгурди. Бунда, табиийки, транспорт инфратузилмасига, логистика хизматларига инвестициялар фаол жалб этилиб, хизмат кўрсатиш сифати тобора яхшиланиб бораётгани катта аҳамият касб этмоқда.
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида мамлакатимиз ҳудуди орқали транзит юкларини ташиш ҳажмини 16 миллион тоннага етказиш, шимолий йўналишда темир йўл орқали юк ташиш муддатларини 40 фоизга қисқартириш, юк ташиш хизматлари ҳажмини 3 баробар ошириш режалаштирилганини инобатга олсак, темир йўлларда хизмат кўрсатиш масаласи долзарб бўлиб бораверади.
Айни чоғда темир йўлларимизда хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга алоҳида эътибор ҳам шунга қаратилганининг боиси ҳам шунда. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 10 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳани тубдан ислоҳ қилиш, соғлом рақобат муҳитини яратиш, бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш, юртимизнинг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича кўплаб вазифалар белгилаб берилди. Шунга мувофиқ, жорий йилнинг февраль ойида тузилмамиз, яъни “Темирйўлкарго” акциядорлик жамияти фаолияти йўлга қўйилди. Жамиятимиз зиммасига юк вагонлари ва контейнерлар хўжалигини сақлаш, логистика марказлари ҳамда терминалларини ташкил этиш каби вазифалар юклатилган.
Замон ривожланиб, барча хизматлар глобаллашиб борар экан, ўз-ўзидан юк ташишни ҳам замонавий босқичга олиб чиқиш долзарб масалага айланади. “Темирйўлкарго” акциядорлик жамияти иш бошлаганига кўп вақт бўлмади. Ўтган вақт мобайнида юк ташиш химатларини кўрсатиш учун 200 га яқин шартномалар тузилиб, 392 минг тоннадан ортиқ юк ўз манзилига етказилди.
Шунингдек, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Озарбайжон, Россия сингари давлатлар билан экспедиторлик хизматларини кўрсатиш бўйича шартномалар имзоланди.
Ҳозирги кунда мамлакатимиз бўйлаб бешта — Назарбек, Самарқанд, Қарши, Денов, Бухоро юк терминалларидаги 2100 га яқин турли юк вагонлари орқали “Навоий кон-металлургия комбинати”, “Деҳқонобод калий заводи” каби йирик акциядорлик жамиятлари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи маҳсулотларини ўз манзилига, беталафот етказиб бериляпти.
Бундан ташқари, ушбу терминалларда юк жўнатувчи ва қабул қилувчиларга транспорт логистикаси, экспедиторлик ҳамда юк сақлаш каби хизматлар кўрсатилмоқда.
Келажакда юк терминалларини ривожлантириш, модернизация қилиш, замонавий логистика марказларига айлантириш ҳамда мижозларга янада қулай шарт-шароитлар яратиш, комплекс хизмат кўрсатиш мақсад қилинган. Бу борада айни пайтда зарур ишлар амалга оширилмоқда.
Жаҳон банки томонидан тайёрланган Логистика самарадорлиги индексида 2023 йилда Ўзбекистон 88-ўринни эгаллади. Ўзбекистон 2018 йилдаги аввалги ҳисоботга нисбатан ўз кўрсаткичларини 11 поғонага яхшилаган. Ҳозирги кунда темир йўлларимиз халқаро темир йўллар ташувида муносиб ўрин эгаллаётгани, янги транспорт йўлаклари барпо этилаётгани мамлакатимиз ва минтақа иқтисодиётини ривожлантириш, дунё бозорига чиқиш имкониятларимизни кенгайтириш баробарида, ана шундай кўрсаткичларни яхшилашда қўл келади.
Бугунги кунда транспорт-логистика хизматлари хусусида гап кетганда, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон ва Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон транспорт коридорига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Негаки, мазкур стратегик лойиҳалар минтақадаги геоиқтисодий вазиятни бутунлай ўзгартириб, Марказий Осиёни Шимол ва Жануб, Шарқ ва Ғарб билан боғлайдиган глобал транзит марказига айлантиради.
Ўзбекистон – Афғонистон – Покистонни туташтирувчи лойиҳа Евросиё транспорт йўлагини яратишда муҳим рол ўйнайди. Натижада Марказий Осиё мамлакатлари Ҳинд океани портига чиқиш имконига эга бўлади. Темирйўл орқали товарлар етказиб бериш муддатини 35 кундан 5 кунгача қисқартиради. Товарларни етказиб бериш нархи эса камида 40 фоизга пасаяди. Лойиҳа 2027 йил охиригача якунланиши кутилмоқда.
Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон коридорига бир вақтлар экспертлар қуруқликдаги Сувайш канали, деб ҳам таъриф беришган. Чунки, у Шарқ ва Ғарбни энг қисқа ва энг фойдали йўл билан боғлаш имконини беради. Хусусан, Хитойдан Жанубий Европага йўналиш 900 километрга, юкларни етказиб бериш муддатлари эса бир ҳафтагача қисқартирилади.
Мамлакатимизда темир йўлда юк ташиш самарадорлигини ошириш учун “Темирйўлкарго” акциядорлик жамияти ташкил этилгани ҳам бу борада айни муддао бўлди. Жумладан, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон мультимодал коридори орқали контейнерлар Хитойдан, чегарадаги Қашғар станциясигача темир йўлда, Қашғардан Қирғизистоннинг Ўш темир йўл станциясигача автомобилда ва Ўшдан Ўзбекистон, Афғонистон ва Туркманистоннинг ички станцияларигача яна темир йўлда ташилмоқда. Энг асосийси, мижозларга қулайлик яратиш мақсадида жамият томонидан талабга қараб комплекс хизматлар кўрсатиляпти. Маҳаллий ва халқаро темир йўл кодларини таъминлаш, вагон етказиб бериш, сўнгги манзилгача етказиш (first/last mile delivery), терминал, ортиш/тушириш, декларация ва бошқалар шулар сирасига киради.
Мамлакатимизда темир йўлда юк ташиш самарадорлигини ошириш учун “Темирйўлкарго” акциядорлик жамияти ташкил этилгани ҳам бу борада айни муддао бўлди. Жумладан, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон мультимодал коридори орқали контейнерлар Хитойдан, чегарадаги Қашғар станциясигача темир йўлда, Қашғардан Қирғизистоннинг Ўш темир йўл станциясигача автомобилда ва Ўшдан Ўзбекистон, Афғонистон ва Туркманистоннинг ички станцияларигача яна темир йўлда ташилмоқда. Энг асосийси, мижозларга қулайлик яратиш мақсадида жамият томонидан талабга қараб комплекс хизматлар кўрсатиляпти. Маҳаллий ва халқаро темир йўл кодларини таъминлаш, вагон етказиб бериш, сўнгги манзилгача етказиш (first/last mile delivery), терминал, ортиш/тушириш, декларация ва бошқалар шулар сирасига киради.
Бундан ташқари, жамият томонидан Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия коридори орқали “темир йўл – сув – темир йўл”, Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Форз кўрфази давлатлари коридори орқали “темир йўл – сув – темир йўл”, ва Ўзбекистон- Афғонистон – Покистон коридори орқали “темир йўл – авто – сув” йўналишларида мультимодал ташувларини амалга ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, жамият ташкил этилганидан сўнг тадбирокорлар билан шартномалар онлайн тузилаяпти. Натижада мижознинг вақти анча тежаляпти. Энди у уйидан чиқмасдан туриб юкни олиб кетишга буюртма бериши, керакли пул миқдорини кўчириб ўтказиши ва икки томонлама шартнома тузиши мумкин. Ваҳоланки, бу ишга илгари бир неча соатдан, ҳатто бир неча кунгача вақт сарфланар эди. Яъни, темир йўл бекатига келиб, юк жўнатиш учун шартнома олинган, расмийлаштирилган, кейин банкка бориб пул тўланган, ҳужжатларни қайта ишлаш марказига бориб пул ўтганлиги тўғрисида маълумотномани олиб, кейин темир йўл бекатига келиб маълумотномани тақдим қилган. Ҳозир эса бу ишларнинг барчаси онлайн шаклда бажарилади.
Барча тарифлар нархи кўтарилаётган вақтда ҳам хизмат кўрсатиш нархини ўзгартиришсиз қолдирилди. Бу ҳам мижозлар учун яна бир енгиллик.
Жамиятимиз вагонлари билан апрель ойида 7500 тоннадан зиёд ун ва буғдой маҳсулотлари олиб кирилди, юкнинг асосий қисми Ўзбекистон орқали транзит йўл билан Афғонистонга етказиб берилди. Бундан ташқари, 4 минг тоннадан зиёд қурилиш материаллари экспортига бошчилик қилди. Май ойининг 25 кунлигида 4500 тонна юк транзит орқали импорт қилиниб, 500 минг тоннадан ортиқ нефть маҳсулоти экспортида иштирок этди.